ҒЎЗА НИҲОЛЛАРИНИ ШИРА ВА ТРИПСДАН САМАРАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

.

Савол: Бу йил мавсумда об-ҳаво бир мунча салқин бўлиб, ёғингарчилик кўп бўлганлиги сабабли сўрувчи ҳашаротлар айниқса, шираларнинг ғўза майсаларида кўпайиши ва зарарлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Сизлардан илтимос бизга шира ва бошқа сўрувчи ҳашаротларнинг биологияси зарарлилиги ва уларга қарши кураш чоралари тўғрисида маълумот берсангиз?

Ғўзани ривожланишига ва ҳосилига салбий таъсир кўрсатувчи оммиллардан бири зараркуЎнанда ҳашарот ва каналардир. Ғўзанинг дастлабки ривожланишда унга ғўза битлари (шира), трипс катта зарар етказади. Буларнинг таъсирида ғўза ривожланишдан 10-15 кун орқада қолади. Ўсимликнинг пастки ярусларида мева шохлари умуман шакланмайди. Баъзан ўсиш нуқталари бутунлай нобуд бўлади. Буларнинг таъсирида ғўзанинг 20-30% ҳосил йўқолиши кузатилган. 

Бу зараркунандалар ғўзага асосан дала чеккалларидаги бегона ўтлардан (айниқса йўл ёқаларида) пахта даласининг чекка қисмларига (20-30 метр ичкарига) тарқалади. Кейинчалик улар техника воситалари ва бошқа омиллар орқали далага тарқала бошлайди. Зараркунандаларнинг 75-80% га яқини дала четидаги уватлардан, ариқ, зовур ва ташландиқ жойлардан тарқалади.

Ғўза битлари. Ўрта Осиёда кенг тарқалган бўлиб, ғўзани қишки поялари ва янтоқда қишлаб чиқади ва тирик туғиб тез кўпаяди. Эрта баҳорда ғўзани ниҳолларини баргаларини сўриб зарарлайди. Ниҳолларни ўсишдан орқада қолдиради. Баргларни орқа томонига ёпишиб шираларини сўриб ҳар хил деформациялар ҳосил қилади. Айниқса ғўза ниҳолларини ўсув нуқталарини жиддий зарарлайди.

 

1–расм. Ғўза бити (шира) ва унинг зарари

Тамаки трипси. Бу зараркунанда ғўза ниҳолларининг баргининг ширасини сўриб, зарар етказади. Зарарланган барглар йиртилиб кетади. Ўсув нуқтасини сўриб ғўзани ўсишдан орқада қолдиради.Танаси чўзинчоқ бўлиб, тўқ сарғиш рангларда бўлади. Личинкалари оч сарғиш рангда бўлади. Тамаки триписи ўсимликларнинг учидаги ёш баргларга тухум қўяди. 1 та урғочи трипс ривожланиш даврида 100 тагача тухум қўйяди. Бутун ёз бўйи 7 марттагача авлод беради.

 

2–расм. Тамаки трипси ва унинг зарари

Ўргимчаккана. Ўргимчаккана ғўзанинг ашаддий зараркунандаси бўлиб, 248 тур ўсимлик билан озиқланади. Шундан 37 тури қишлоқ хўжалик экинлари. Ўргимчаккана 160-600 тагача тухум қўяди, 30-40 кун яшайди. Ўзбекистонда 18-20 тагача авлод беради. Ўргимчаккана ғўзани жиддий зарарлаб ўсишини орқада қолдиради. Эрта баҳорда қўйпечак ва шунга ўхшаш бегона ўтларда ривожланиб сўнгра ғўза ниҳолларига ўтади. Айниқса йўл четларига кенг тарқалади, йўлдан чиқаётган чанг уни бошқа кушандалардан ҳимоя қилади.

 

3–расм. Оддий ўргимчаккана ва унинг зарари

Ҳимоя қилиш тадбирлари. Ғўза сўрувчи зараркунандаларига қарши ўз вақтида ҳимоя тадбирлари қўлланилмаса ниҳолларнинг ривожланиши 10-15 кун орқада қолиб бу зараркунандалар таъсирида 30-60% ҳосил камайиши, тола ва уруғлик сифати бузилиши ҳолатлари кузатилган. Ғўза зараркунандаларига қарши курашда биологик усул кенг қўлланилиб келинмоқда. 

Экинлар ҳимоясида биологик усулдан фойдаланиш бўйича Ўзбекистон жаҳон миқиёсида энг олдинги ўринларда туради. Бироқ энтомофагларни қўллашнинг самарали ресурс тежамкор технологиялари етарли даражада ишлаб чиқилмаган. Айниқса бу борада жойларда олтинкўз энтомофаги фаолиятига катта баҳо бериб бошқа кураш тадбирлари ўтказилмаслиги оқибатида етиштирилган ҳосилнинг бир қисми нобуд бўлмоқда [1,4]. Шу билан бирга шира ва трипсга қарши курашда таъсири узоқ муддат сақланадиган уруғдорилагич препаратлар (Круизер Экстра Хлопок 362 с.к. 3,0 л/т) асосли препаратлар билан уруғли чигитни дорилаб экиш ўта муҳим тадбирдир. Бу препаратлар билан уруғлик чигит дориланганда ғўза майсалари 30-35 кун ғўза битлари ва трипс хуружидан ҳимояланиши тасдиқланган. Бироқ шира трипс кўп тарқаладиган майдонларда кўпчилик фермерлар сарф-харажатни тежаб чигитни инсектицидлар билан ишлов бермасдан экишлари юқорида айтиб ўтилган салбий ҳолатларга олиб келади.

Ғўзага сўрувчи зараркунандаларнинг четдан кириб келиб зарар етказишини олдини олиш ҳамда кимёвий усулни салбий оқибатларини камайтириш мақсадида пестицидларни ғўза майдонларида ёнламасига қўллаш технологияси ўрганилиб чиқилди. Тадқиқотлар асосан Самарқанд вилояти пахтачилик туманларида олиб борилиб яхши натижаларига эришилди. Бу технология жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган уйғунлашган кураш тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Бу усул билан ғўза майсаларига 2-3 та чин барг пайдо бўлганда фойдали ҳашаротлар пайдо бўлмасдан даланинг чекка қисми 20 метргача кенгликда (айниқса йўл тарафдан) кам заҳарли инсекто-акарицидлар (фақат шира, трипс ҳавфи бўлган Перфектум 28% сус.к. (0,1-0,15 л/га), , шира, трипс ва ўргимчаккана хавфи бўлганда Караче Дуо 25% н.кук (0,2 кг/га) ва бошқалар билан ишлов берилади [5]. Натижада ҳимоя тўсиғи яратилиб зараркунандаларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишини олди олинади.

Даланинг қолган 70-80% қисмига асосан агротехник усуллар; ўғитлар билан озиқлантириш, қатқалоқни юмшатиш, бегона ўтларга қарши кураш, Изабион, Гуми, Гумимакс ва бошқа стимуляторлардан фойдаланиш, ғўзани сўрувчи зараркунандаларга чидамлилигини ошириш мақсадида ғўза ниҳоллари 2-3 та чинбарг чиқарганда биостимуляторлар билан бирга 1,5 фоизли карбамид эртимасини билан ишлов бериш, биологик усулда олтинкўзни 4 кунлик тухумлари 2000-3000 донадан (имагоси гектарига 50 дона) 10 кун оралатиб 2 марта тарқатиш юқори самара беради. 

Ўргимчакканага қарши танлаб таъсир этувчи, фойдали ҳашаротлар учун безарар олтингугуртли (оҳакнинг олтингугуртли қайнатмаси, туйилган олтингугурт, сувда намланувчи олтингугурт) ва танлаб таъсир этувчи махсус акарицидлар (Спиромектин 0,25 л/га, Омайт 57% сус.к. 1,5 л/га) ни ғўзанинг шоналаш босқичига ўтишига қадар ёнламасига қўлланилса яхши самара беради. Чунки акарицидлар сиртдан таъсир этувчи бўлиб каналар гул ва шоналарининг ичига кириши уларни дориларни таъсиридан ҳимоя қилади. 

Хулоса. Ғўзани ниҳолларини шира ва трипслардан ҳимоя қилишда аввало агротехник тадбирлар (ўғитлар билан озиқлантириш, қатқалоқни юмшатиш, бегона ўтларга қарши кураш, биостимуляторлардан фойдаланиб суспензия қилиш), биологик тадбирларни (олтинкўз ва хонқизи) қўллаш, зарарурият бўлганда, даланинг чекка қисмларига (20 м) кимёвий препаратлар билан изоляция усулида ишлов бериш юқори самара беради.

 

Болтаев Б.С., қ.х.ф.н., доцент,

Худойқулов А.М., қ.х.ф.ф.д., доцент, 

Тошкент давлат аграр университети

manba "Agro kimyo himoya va o'simliklar karantini" журнали