Қовун пашшаси ва унга қарши кураш чоралари

.

Мамлакатимиз азал-азалдан ўзининг полиз маҳсулотлари билан жаҳонга машҳур бўлиб келган. Кейинги йилларда сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштиришга ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиши натижасида йилдан-йилга бу турдаги маҳсулотларни етиштириш кўлами кенгайиб бормоқда.

Полиз экинлари, ўсимликлар систематикасида қовоқдошлар (Cucurbitacae) оиласига мансуб бўлган қовун (Cucumis melo L), тарвуз (Citullus lanatus L), қовоқ (Cucurbita pepo L) турлари экилади. Полиз экинларининг ҳоҳлаган турини озиқ-овқат сифатида инсон кенг фойдаланиб, таркибидаги кимёвий моддаларнинг организмга тез сўрилиб, доривор хусусиятга эгадир.

Бундан ташқари 2000 йилларда республиканинг шимолий ҳудуди Хоразм воҳасида илк маротаба қовун пашшаси (Carpomya (Myiopardalis) pardalina Big.) зарар келтира бошлагани аниқланган. Сўнги йиллари қовун пашшаси республикамизнинг полиз етиштирадиган барча ҳудудларига тарқалиб ҳимоя чоралари ўтказилмаган далаларда ҳосилни 80-100 % гача нобуд қилиб катта иқтисодий зарар келтираётгани аниқланган. Зараркунандани зарарини тўхтатиш мақсадида деҳқон ва фермерлар томонидан ўтказилган кимёвий қарши кураш чоралари кутилган даражада самара бермаганлиги кузатилди. Деҳқонлар томонидан олиб борилаётган агротехник, кимёвий кураш чораларининг биологик самараси кам бўлганлиги натижасида экилаётган полиз экинларининг ҳосилини асосий қисми нобуд бўлмоқда. Бунинг натижасида деҳқонларнинг қўлидаги энг бебаҳо ҳисобланган халқ селекцияси асосида чиқарилган навлар йўқ бўлиб, фермерлар, деҳқонлар қовун экишни бутунлай тўхтатиб қўйишгача олиб келмоқда.

Республикада юзага келган муаммоларни бартараф қилиш учун қовун пашшасини ҳудудларга тарқалиш сабаблари, биоэкологик хусусиятлари, зарар келтириши даражаси ҳамда унга қарши уйғунлашган кураш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлар олиб борилди.

Полиз экинлари маҳсулотлари зарар келтирадиган пашшаларнинг икки тури ўта ҳавфли ҳисобланади. Булардан Ўрта денгиз қовун пашшаси (Bactrocera cucurbitae Cog), асосан Австралия, Ҳиндистон, Япония, Малайзия, Гавай ороллари ҳудудларида тарқалган. Иккинчи тури Ўрта Осиё қовун пашшаси (Carpomya (Myiopardalis) pardalina Big.), кўп йиллар давомида Исроил, Афғонистон, Туркия, Озарбойжон, Эрон, Ироқ давлатларида тарқалиб, зарар келтириб келган бўлса, ушбу тур Ўзбекистон шароитида 2001 йиллардан бошлаб тарқалиб зарар келтира бошлади.

Ўтказилаётган кузатишларимиз натижаси зараркунанда биринчи марта 2000 йилда Хоразм вилоятининг Туркманистон давлати билан чегарадош Шовот тумани полиз экинларидан асосан қовун экилган далаларида топилди. 2001 йили Қоракалпоғистон республикасининг Хўжайли, Амударё туманлари далаларида полиз экинларига зарар келтиришни бошлаганлиги ҳисобга олинди. 2007-2009 йиллар республиканинг Бухоро, Жиззах, Сирдарё, 2011-2014 йиллари Қашқадарё, Сурхандарё ва Фарғона водийси вилоятлари полиз экинлари далаларида пайдо бўлиб зарар келтирганлиги аниқланди. Бугунги кунда Қозоғистон давлати Қизилорда вилоятлари шароитида тарқалиб зарар келтираётганлиги маълум бўлди.

Қовун пашшаси ғумбакдан чиққач 6-7 кундан кейин тухум қўя бошлайди; тухум қўйиш бир ойгача чўзилади. Урғочи пашша қовун, тарвуз ва қовоқ пўстининг остига тухумларини қўяди. пашша қовун, тарвузни, қовоқ тухум қўйгичи билан тешиб, унга битта тухум қўйиб кетади. Бир қовун ёки тарвузга бир неча тухум қўйиши мумкин. Битта урғочи пашша умрида 100-150 та тухум қўяди. 2-7 кундан кейин тухумдан чиққан қуртлар қовун, тарвуз, қовоқ эти билан озиқланади. Қуртлар ёзда 8-13 кунда ривожланади, кузда эса ривожланиш 18 кунга чўзилади. Озиқланиб бўлган қуртлар зарарланган қовун-тарвуздан чиқиб, яқин орадаги тупроқда ғумбакка айланади. Сохта пиллалардан бир қисми келгуси йил баҳоргача тиним ҳолатига киради, қолганларидан эса 13-20 кундан кейин янги авлод пашшалари чиқади, улар тез орада тухум қўя бошлайди. Қовун пашшаси йилига 2-3 марта авлод беради.

 

Қовун пашшасининг қуртлари ривожланган қовун ва тарвуз маҳсулотларининг сифати пасайиб, истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолади ва қуртлар тешиб чиқиши билан, тўла чириб кетади. Зараркунанда вегетация даври бошида пайдо бўлиб ёз давомида 90-100% қовун мевасини, 20-25% тарвуз ва айрим далаларда 5-10% қовоқни зарарлаганлиги аниқланган.

Қарши кураш чоралари

1. Агротехник кураш. Кураш тадбирда шуни айтиш керакки, қишловдан чиққан зараркунанда ёки қовун пашшасини ривожланишини асосий хусусиятларидан бири шундаки биринчи авлоди етук зотига қарши далада тўпланиб гуллаш давомида қовун туганакчаларига тухум қўйишни бошлаш жараёнига (қовун туганакчаларини диаметри 3-5 см бўлган давр) тўғри келади. Етук зоти ўсимликларнинг орасида фаол учиши, тухум ва қуртларининг қовун ичида бўлиши, ғумбакларининг тупроқ остида бўлиши қарши кураш тадбирларини олиб боришда қийинчиликлар туғдиради.

 Қовун пашшаси келтирадиган зарарни олдини олиш мақсадида экин майдонларини алмашлаб экиш, зарарланган ўсимликларни даладан олиб чиқиб кўмиб ташлаш, даладаги зарарланган қовунларини йиғиштириб олиш, далани чуқур шудгор қилиш ва қишда зарур холларда яхоб суви бериш, ҳудудларга мос навларни танлаб экиш, минерал ва органик ўғитлар меъёридан оширмаган ҳолда озиқлантиришни ўз вақтида ташкил қилиш.

2. Кимёвий кураш. Препаратлар билан ишлов берилганда юқори ва сифатли ҳосил олишга эришилади. Бунда асосан қовун пашшасига қарши кимёвий препаратлар билан эрталаб соат 5-8 ларда ёки кечқурун соат 18-20 ларда ўтказиш талаб қилинади. Циперметрин асосли (Циракс, Ципи, Энтометрин, Циперметрин, 25% эм.к. 0,2-0,3 л/га), Лямбда-цигалотрин+тиаметоксам (Энджео, Энерги-дуо, 24,7 % сус.к. – 0,2-0,3 л/га), Альфа-циперметрин (Фаскорд, Супер Кар, 10% эм.к. 0,3-0,35 л/га), Новалурон+Бифентрин (Римон стар, 6,5% эм.к. 0,15 л/га) кимёвий воситаларни қўллаш тавсия этилади.

 

 

                                            ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

1. Душамов Б.К., Саидова З, Маткаримова О., Душамов Т., Ешанов К. Қовун пашшаси (Myiopardalis pardalina) ва унга қарши кураш усуллари. – Хоразм: “Истеъдод”, –2005. – 20 б.

2. Душамов Б.К., Ешанов К. Қовун пашшаси ҳосил кушандаси. // Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги журнали. – Тошкент, –2007. - №2. – Б.35

3. Торениязов Е.Ш., Юсупов Р.О. Дынная муха на бахчевых культурах Каракалпакистана // Журнал Защита и карантин растений. – Москва. -№ 9.-2014. -С. -40.

    “Ўзагрокимёҳимоя” акционерлик жамияти мутахассиси  қ.х.ф.ф.д.                                                   И.А.Ҳамроев