Иссиқхонадаги зараркунандаларга қарши курашиш бўйича янги лойиҳа амалга оширилмоқда

.

“Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятида “Аҳолини кеч куз, қиш ва эрта баҳорда сабзавот маҳсулотлари билан таъминлашда иссиқхоналарни зараркунанда ва касалликлардан самарали ҳимоя қилиш чоралари” мавзусида брифинг ўтказилди.
 
Соҳа мутахассислари томонидан бу борада олиб борилаётган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди. Таъкидланганидек, ҳудудлардаги тизим ташкилотлари томонидан мева-сабзавот, картошка ва полиз майдонларида зараркунанда ва касалликларга қарши кураш ишларининг ташкил этилиши ҳолати мунтазам равишда ўрганилиб, илмий асосланган кураш чоралари кўрилмоқда.
 
Жойлардаги жамиятнинг туман филиаллари агрономлари иссиқхона, аҳоли томорқаларига экилган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экинларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича ўрганишларни олиб борди. Шунингдек, мутахассислар томонидан жорий йилда 10 дан ортиқ тавсия ва услубий қўлланма яратилди. Жумладан, “Мевали дарахтларнинг асосий зараркунанда ва касалликларининг тавсифи ва ҳимоя усуллари тўғрисида”, “Сабзавот-полиз ва картошка экинларини асосий зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш”, “Қовун пашшаси ва унга қарши кураш”, “Пиёз пашшаси ва унга қарши кураш чоралари”, “Картошка ва помидор куяси ҳамда уларга қарши кураш” ва бошқа тавсияномалар ишлаб чиқилиб, жойларга етказилди.
 
Бугунги кунда иссиқхоналарда асосан помидор, бодринг, ширин ва аччиқ қалампир, саримсоқ пиёз, карам, редиска каби турли хилдаги кўкат экинлари экилмоқда. Уларнинг мавсумда турли зараркунандалар (кузги тунлам, симқуртлар, сохта симқуртлар, нематодалар, помидор занг канаси, ўргимчаккана, ширалар, оққанот ва ғовакловчи пашша, помидор куяси, гамма тунлами) ҳамда касалликлар (фузариоз сўлиш, вертицилёз сўлиш, фитофтороз, қўнғир доғланиш кулранг чириш, бодринг мозаикаси, тамаки мозаикаси) билан зарарланиши натижасида 60-70 фоиз ҳосилдорлик йўқотилади.
 
Ушбу зараркунанда ва касалликларга қарши кураш ишларини ташкиллаштиришда Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институтининг ўрни катта. Айни пайтда институтда жами 115 нафар ходим, шундан 68 нафар илмий ходим фаолият юритади.
 
photo5444919346573978505.jpg
 
– Институтимиз таркибида 18 та лаборатория, 25 та илмий амалий, фундаментал, инновацион, ёш олимлар лойиҳалари давлат грантлари асосида илмий фаолиятини олиб боришмоқда, – дейди Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти директори Камол Маматов. – Шу билан қаторда институт тизимида 4 та илмий-тадқиқот филиали илмий иш фаолиятини олиб боради. Шунингдек, “Сабзавот экинларини зарарли организмлардан ҳимоя қилиш” лабораторияси ҳам бўлиб, бу ерда илмий ходимларимиз томонидан сабзавот экинларини уйғунлашган ҳолда ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш борасида илмий тадқиқотлар олиб борилади. Жумладан, бугунги кунда КХА-9-063 рақами билан рўйхатга олинган “Иссиқхонада зарарли организмларга қарши курашиш ишларини такомиллаштириш” мавзусида лойиҳа бажарилмоқда. Бунда иссиқхонада учровчи зарарли организмларнинг тур таркиби, уларнинг доминат турлари, тарқалиш ареали ва биэкологик ривожланиш хусусиятлари ҳамда уларга қарши уйғунлашган кураш усуллари бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
 
Тадқиқотлар натижалари бўйича бажарилган илмий изланишлар мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоқларидан бири бўлган иссиқхоналарда етиштирилаётган экинларни зараркунандалардан самарали ҳимоя қилишда қўлланилади.
 
Тадбирда иштирокчилар мазкур йўналишда олиб борилаётган изланишларни янада ривожлантириш, эришилаётган натижаларни амалиётга кенг татбиқ қилиш борасида фикр алмашди.